ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. Муқаддас Каъбанинг кисва (мато қопламаси) алмаштирилди. Бу ҳақида Мусулмонлар идораси хабар берди.
Қайд этилишича, янги ҳижрий сана бошланиши муносабати билан Каъбага янги каъбапўш ёпилди.
Мазкур йиллик тадбирда Икки Муқаддас Ҳарам масжидлари идораси раҳбари, шайх Абдурроҳмон Ас-Судайс бошчилигидаги 166 нафар техник ходимлар ва ҳунарманд иштирок этган.
“Каъбапўш – Кисва” тайёрланиш жараёнида қора рангга бўялган 670 кг хом ипак, 120 кг олтин сим ва 100 кг кумуш симдан фойдаланилди.
“Подшоҳ Абдулазиз номидаги “Каъбапўш – Кисва” мажмуасида бўяш ва автоматик тўқиш, қўлда тўқиш, босмалаш, тикиш ва йиғиш бўлимлари ҳамда Каъба камари ва олтин бўлимида 200 га яқин ҳунарманд ва маъмурлар меҳнат қилди”, дейилади хабарда.
Айтилишича, тикув устахонасида узунлиги 16 метр бўлган, комьпютер тизими билан ишлайдиган дунёдаги энг узун тикув машинаси жойлашган.
Маълумот учун, “Каъбапўш”ни тикиш иши 6 ойда якунланди. Кисва соф ипакдан қилинган бўлиб, уни тайёрлаш жараёнида 150 кг олтин ва кумуш иплар ишлатилади.