Президент фармонига кўра, давлат хизматларидан фойдаланиш учун шахсни идентификациялашнинг мавжуд тизим ва воситаларига қўшимча равишда жисмоний шахсни идентификациялашнинг Mobil-ID тизими жорий этилади.
Унга мувофиқ:
Mobil-ID тизими "Электрон ҳукумат" тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш бўйича ягона ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади;
️шахсни Mobil-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд ЯИДХП мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали қабул қилинади
Ҳукумат қарорига асосан 2022 йил 1 августдан бошлаб ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали тақдим этилади. Бунда тадбиркорлик субъектларининг ўқув курсларини тугатган ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон қабул қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бундан мустасно.
Маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади
Ҳукумат қарорига биноан 2022 йил 1 августдан бошлаб маиший газ плитаси, ошхона дудбурони, духовка ва печка, микротўлқинли печь, дазмол, сув иситкич каби маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш бошланади.
Кинотеатрлар махсус ахборот тизимига уланиши талаб этилади
2022 йил 1 августдан бошлаб фильмларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва сотилган ҳар бир чиптага доир ҳаққоний маълумот билан тезкор таъминловчи республикада фаолият юритаётган кинотеатрлар фаолиятини автоматлаштиришга қаратилган ахборот тизимига уланмаган ҳолда кинотеатр (кинозал)ларда фильмлар намойиш этиш чакана савдо қилиш қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳисобга олишнинг электрон тизими жорий этилади
Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизими жорий этилади.
Бунда, фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган (тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар ва бошқа) маълумотлар ахборот тизимига электрон тарзда киритилиши таъминланади. 2023 йил 1 январдан бошлаб ахборот тизими республиканинг бошқа барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилади.
"Электрон суриштирув ва дастлабки тергов" ягона ахборот тизими ишга тушади
Президент қарорига асосан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда ишни судга қадар юритиш масалалари бўйича "Электрон суриштирув ва дастлабки тергов" ягона ахборот тизими тўлиқ версияда ишга тушади.
Давлат органлари ва ташкилотларида Очиқлик индекси жорий этилади
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналарида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилади.