ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Покистон Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган транспорт йўлакларини ривожлантириш ва яратиш бўйича ШҲТ ҳамкорлик концепциясини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақида Покистон ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто Зардорий маълум қилди.
Вазир ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг йиғилишида сўзлаган нутқида Покистон Ўзбекистон ва Афғонистон билан биргаликда Трансафғон темир йўлининг кенг кўламли лойиҳаси устида иш олиб борилаётганини қайд этиб ўтди.
Ушбу лойиҳа Марказий Осиё давлатлари айниқса, Покистон денгиз портларига чиқиш имкониятини беради, шунингдек, ШҲТ минтақаси мамлакатлари билан юк ташиш алоқаларини таъминлайди.
Маълумот учун, трансафғон темир йўл коридори “Термиз – Мозори -Шариф – Кобул – Пешовар” йўналишидир. Лойиҳанинг тахминий қиймати 4,6 млрд долларни ташкил этади, амалга ошириш муддати 5 йил.
Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш юк ташиш вақти ва нархини 30-40 фоизга қисқартиради.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, учрашув 2022 йил 15-16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ташкилот саммитига тайёргарликнинг якуний босқичидир.