ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Кеча Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, томонлар Россия-Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гаплашган, Ўзбекистон раислик қилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак олий даражадаги тадбирлари арафасида кун тартибида турган халқаро ҳамда минтақавий миқёсдаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашган.
“Сергей Лавров ва Сардор Умурзоқов ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ниятларини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди.
Маълумот учун, Лавров 29 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида иштирок этади.