Велоспорт- ёқимли ва фойдали машғулотлардан бири. У билан мунтазам шуғулланиш турли касалликларга чалинишни олдини олади. Велосипеднинг эркаклар, аёллар, болалар, ҳатто ҳомиладор аёллар учун ҳам фойдаси кўп. Албатта, меъёрида.
Фойдали хусусиятлари
Велосипед ҳайдаш бутун тананинг умумий саломатлигига ижобий таъсир қилади. Кўнгина юрак касалликларини илк босқичида аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек, нафас олиш ва юрак - қон томир тизими фаолиятини яхшилайди. Ўрта ёшли одам учун велосипед ҳайдаётганда оптимал пульс дақиқасига 138 дан 157 бўлиши хавфсиз бўлиши мумкин.
Велосипед ҳайдаш юрак хасталиги ва саратон хавфини камайтиради. Шунингдек, чидамлилик ва ўпка ривожланишига ёрдам беради, бу эса нафас олишни осонлаштиради. Велосипедда юриш психологик ҳолатни яхшилашга ёрдам беради, чунки велосайр пайтида эндорфинлар ажралиб чиқади ва кортизол даражаси яхшиланади. Мунтазам жисмоний ҳаракат сабабли уйқу яхшироқ ва хотиржам бўлади, миянинг когнитив функциялари кучаяди. Юқорида айтиб ўтилганидек, велосипед вазн йўқотишга ва сон соҳасида мушаклар йиғишга ёрдам беради.
2-тоифа диабет билан оғриган одамларда эрта ўлим хавфи камаяди. Велосипед ҳайдаш пайтида кўпроқ жисмоний фаоллик кекса одамларда кўзлари кўрмай қолишининг асосий сабаби деб ҳисобланадиган ёшга боғлиқ катаракта эҳтимолини камайтириши мумкин. Тана мунтазам машғулотлар билан яхши ҳолатда бўлганлиги сабабли, ҳар қандай касалликка чалиниш камаяди.
Велосипедлардан оммавий фойдаланиш ҳавога карбонад ангидрид чиқиндиларини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади, бу ҳам аҳолининг умумий турмуш сифатига таъсир қилади. Велосипедда юриш вақт ва бензин учун тежайди, ортиқча ва ёқимсиз тирбандликларнинг олдини олади.
Қанча калория йўқолади?
Велосипед ҳайдаб мушакларни чиниқтириш билан биргаликда, калориялардан халос бўлиш мумкин. Масалан, 40- 90 минутлик велосайрда 200дан 800 гача килокалория сарфланади. Велосипед ҳайдаб ортиқча вазндан халос бўлиш осонроқ ва енгилроқ, чунки мўтадил ва интенсив жисмоний фаолиятда вазн тез йўқолади. Велоспорт билан мунтазам шуғулланиш метаболизмни яхшилаш ва қорин- қоринолди соҳаларда ёғлардан халос бўлишга ёрдам беради.
Агар ҳафтада уч-тўрт марта 1 соатлик велосайр қилиб, тўғри овқатланиш қоидаларга риоя қилинса, анча енгил ва самарали озиш мумкин.
Зарарлари
Велосипед ҳайдашдан олдин озгина чиниқтирувчи машқлар қилиш керак. Чунки бу бўғим ва мушакларга юкламаларни камайтиради. Велосипед ҳайдаётганда айнан улар хавф зонасида бўлади. Шунингдек, ноқулайликлар ва йиқилганда шикастларни олдини олиш учун велосайрга тўғри кийим танлаш керак.
Аслида велосипеднинг саломатликка фойдали жиҳатлари зарарларига қараганда кўп.
Кимларга мумкин эмас?
Гарчи велоспорт универсал машғулот бўлсада, унда ҳам бир қанча қарши кўрсатмалар бор:
Варикоз касаллигининг кучайиши
Координация ва реакция кўрсатиш функциясининг бузилиши
Сколиоз (умуртқа қийшиқлиги)
Эпилепсия (тутқаноқ)
Юрак-қон томир тизими касалликлари
Анемия (камқонлик)
Ҳомиладорлик (охирги ойларида)
Остеопороз (суяклар билан муаммолар)