ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. 25−31 июль кунлари Италия пойтахти Рим шаҳрида ўтказилаётган эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик атлет Айтжан Халмаханов олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Айтжан Халмахонов 51 кг вазнгача бўлган полвонлар ўртасидаги баҳсларда иштирок этиб, финалда эронлик Муҳаммадризо Голамини мағлуб этди ва олтин медалга сазовор бўлди.
“Маҳоратли юнон-рум курашчимиз чемпионлик учун кечган баҳсда эронлик рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди!”, - дейилади хабарда.
юнон-рум кураши
© United World Wrestling
Шунингдек, 45 килограмм вазнда курашган Шаҳзод Рўзиохунов украиналик Эвген Поковбага имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланган.
Бундан ташқари, Хуршидбек Нормуҳаммадов 55 кг вазнгача бўлган полвонлар ўртасидаги курашда япониялик Коҳаку Каназавани 5-4, Беҳруз Барноев 65 кг вазнгача бўлган полвонлар ўртасидаги курашда озарбайжонлик Али Ализодани 9-3 ҳисобида энгиб, жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлган.
“Юнон-рум курашчиларимиз жаҳон чемпионатини 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан якунлади”, дейилади “Янги Ўзбекистон” газетаси хабарида.