ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. “Осиё болалари” халқаро ўйинларида иштирок этиш учун 13та давлат вакиллари Владивостокга етиб келди.
Мусобақанинг машъала эстафетаси ва тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон, Арманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ливан, Мўғулистон, Россия, Покистон, Таиланд, Туркманистон каби давлатлардан келган икки мингдан ортиқ спортчилар иштирок этишди.
Ёш спортчиларни табриклаш учун тадбирга Россия Олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков, “Осиё болалари” халқаро ўйинлари қўмитаси президенти Владимир Максимов каби фахрий меҳмонлар ташриф буюди.
“Вакилларимиз муросасиз баҳсларга киришадилар. Ўйинлар давомида иштирокчиларни шиддатли рақобат кутмоқда. Тантанали ёпилиш маросими эса 7-августга белгиланган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, спортчилар “Осиё болалари” VII Халқаро спорт ўйинлари медалларининг тақдимотида ҳам иштирок этишди.
Ташкилотчилар 6 ойдан ортиқ вақт давомида унинг дизайни лойиҳаси устида ишлашди.
"Мини-Олимпиада"нинг барча совриндорлари Primorye рамзларидан бири - лотус белгиси туширилган мукофотга эга бўладилар. Владивосток-2022 давомида жами 273 та медаль тўплами ўйналади.
Ҳозирда турли мамлакат терма жамоалари сув ҳавзаси йўлакларида дастлабки расмий машғулотларини бошлашди. Сузиш мусобақалари 29, 30, 31-июль кунлари бўлиб ўтади.
Маълумот учун, мазкур мусобақада 174 нафар (101 нафар ўғил бола, 73 нафар қиз) ўзбекистонлик вакил спортнинг 17 та турида ўз омадларини синаб кўради.