Модарихон мадрасаси сайёҳларнинг ташриф манзилига киритилади

Мадрасада "Ҳунармандчилик маркази" ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Модарихон мадрасаси туристлар учун саёҳат маршрутига киритилади. Бу ҳақида Бухоро вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси хабар берди.
Ўзбекистонда 22–24 июль кунлари бўлиб ўтган "Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори" VI Халқаро Конгресси фонида Модарихон мадрасаси сайёҳлар учун ташриф манзилига айлантирилди.
Шунингдек, “Модарихон” мадрасасида "Ҳунармандчилик маркази" ташкил этилди.
У ерда 20 нафар ҳунарманд мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, каштачилик, зардўзлик, миниатюра рассомчилиги сингари ҳунарларни ўргатиб келмоқда.
Маълумот учун, XX асрнинг бошларида Бухорода 250 дан зиёд мадраса мавжуд бўлган.
“Модарихон” мадрасаси 1566—67 йилларда Абдуллахон томонидан онаси шарафига бунёд этилган. Мадраса улкан пештоқ, миёнсарой, дарсхона, масжид ва ҳовли атрофида икки қаватли қилиб қурилган айвонли ҳужралардан иборат. Мадраса 1960 йилда давлат томонидан муҳофазага олинган.