Мирзиёев Хитой ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Ван И ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Хитой Халқ Республикаси давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Қайд этилишича, Ван И Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.
Олий даражадаги учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган, ШҲТнинг бўлажак саммити кун тартиби ҳам кўриб чиқилган.