Мирзиёев Россия ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар батафсил кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишларида иштирок этаётган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалалар батафсил кўриб чиқилди.
Минтақадаги вазиятнинг ривожига ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик жиҳатларига, шу жумладан ШҲТ саммитига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ТИВ раҳбари 29 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.

Вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган мажлисини мазмунли тўлдириш масалаларига асосий эътиборни қаратишади.