ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Тошкентдаги кондиционерсиз автобусларда йўловчиларга сув тарқатилмоқда. Бу ҳақида “Тошшаҳартрансхизмат” хабар берди.
Айтилишича, шу кунларда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳавода совутиш тизими билан жиҳозланмаган автобусларда ҳаракатланаётган йўловчиларга бепул минерал сувлар тарқатилмоқда.
Бундай ишлар сувсизланиш ва хушдан кетиш каби кўнгилсиз ҳолатларни олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
“Барча автобус саройлари раҳбарларига йўналиш вақтида ҳайдовчилар автобус ва электробусларда мавжуд салонни совутиш тизимини ёқган ҳолда ҳаракатланишлари юзасидан махсус кўрсатмалар берилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳайдовчилар томонидан салонни совутиш тизимида техник носозликлар учраган вақтда дарҳол уни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Маълумот учун, ҳозирда автобус ва электробусларнинг 271 таси салонни совутиш тизими билан жиҳозланган. Уларнинг иқлим назорати тизимлари ва ҳавони тозалаб берувчи филтрлари талаб даражасида ишлаши доимий назоратдан ўтказилмоқда.