ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. 2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 540,5 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Статқўмга кўра, ойлик номинал иш ҳақининг 2021 йил мос даврига нисбатан ўсиш суръати 19,3 % ни ташкил қилган (ўтган йилнинг январь-июнь ойларида 2 млн 968,5 минг сўм бўлган.
2022 йилнинг январь-июнь ойлари учун ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субектлари ҳисобга олинмаган, чунки фермер хўжаликлари ҳамда кичик тадбиркорлик субектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланган.
Жорий йилнинг дастлабки олти ойида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи – банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти (9 млн 149,6 минг сўм) соҳасига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш даражаси 124,8 % ни ташкил этган.
Шунингдек,
ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи — 6 млн 693 минг сўм;
ташиш ва сақлаш соҳасида – 4 млн 653,4 минг сўм;
саноат соҳасида – 4 млн 548,9 минг сўм;
қурилиш соҳасида – 4 млн 226,3 минг сўм;
савдо соҳасида – 3 млн 608 минг сўм;
таълим соҳасида – 2 млн 583,8 минг сўмни ташкил қилган.
Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган – 2 млн 377,2 минг сўм.
Ахборот ва алоқа соҳасининг асосий тармоқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи компютер дастурлаштириш, маслаҳат бериш ва бошқа ёрдамчи хизматлар (11 млн 231,0 минг сўм)да, энг паст кўрсаткич эса ноширлик фаолияти (6 млн 112,8 минг сўм)да кузатилган.
Банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида энг юқори ўртача иш ҳақи – Тошкент шаҳрида (11 млн 7763 минг сўм), энг пасти Самарқанд вилоятида (5 млн 882 минг сўм) кузатилган.
Таълим соҳасида энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида (3 млн 924,2 минг сўм), энг пасти Қашқадарё вилоятида (2 млн 243,2 минг сўм) қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида (2 млн 767,2 минг сўм), энг пасти – Қашқадарё вилоятида (2 млн 046,4 минг сўм).