ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Амирхон Мансуров профессионал спортчи, кроссфит бўйича мамлакат чемпиони. Ўзбекистондаги янги спорт тури ва ғалабалари ҳақида Sputnik мухбирига сўзлаб берди.
Амирхон Мансуров
© Из личного архива Амирхона Мансурова
“Мен Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилганман. 2012 йил Олимпия захиралари коллежини, 2017 йили Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини аъло баҳоларга тугатганман. Олдин бокс билан шуғулланардим, 2018 йилдан буён кроссфит (CrossFit) спорт турини танладим. Бу замонавий спорт тури бўлиб, Ўзбекистонга энди кириб келмоқда. Бу спорт билан 7 ёшдан 70 ёшгача барча шуғулланиши мумкин”, деди Мансуров.
Кроссфитда кўпроқ шуғулланувчидан чидамлилик, тезлик ва эгилувчанлик талаб этилади. Ортиқча мускул чиқариш шарт эмас, кроссфитдаги машғулотларнинг мунтазам бажарилиши танани идеал даражада нормаллаштиради, бақувват ва кўркам қилади.
Амирхон Мансуров
© Из личного архива Амирхона Мансурова
“Мени мураббийим Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақалар ғолиби Гавҳар Мирзаева. У аёл киши бўлса ҳам ниҳоятда талабчан ва ўзига яраша қаттиққўл. Жамоадаги барча спортчиларни доим қўллаб-қувватлайдилар” , деди спортчи.
Май ойида Амирсойда ўтказилган “Befitrace” турнирида жамоавий иштирок этиб, чемпионликни қўлга киритган.
Ҳозирда спортчи жамоа билан ноябрь ойида Дубайда ўтказиладиган “Gov Games-2022” жаҳон чемпионатига ҳамда Абу Дабида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
Амирхон Мансуров
© Из личного архива Амирхона Мансурова
Амирхон Мансуров спорт билан шуғулланишда инсоннинг психологиясидаги ҳолатнинг муҳимлиги ҳақида сўзлади.
“Спорт билан шуғулланишда инсоннинг психологик диққати, тетиклиги жуда муҳим. Агар инсон психологик тетик ва хотиржам бўлмаса, диққатини жамлай олмаса, машғулотларда хато қилаверади, уларни тўлиқ ўзлаштиролмайди. Топшириқларни ўз вақтида бажаришида ҳам тетикликнинг ўрни муҳим саналади”, деди Амирхон.
Спортчида кинода роль ўйнаш истаги бор, ҳатто таклифлар ҳам бўлган, бироқ ўзидаги тортинчоқлик характери борлиги туфайли бу таклифларни рад этган.
Амирхон россиялик кроссфитчи Роман Хренниковни доим кузатади, унинг машғулотлари ва фаоллиги мақтовга лойиқ. Яна Хабиб Нурмагомедов ва Исрафил Махашевга кумирлик қилади. Ўзбек спортчиларидан Баҳодир Жалолов, Муроджон Аҳмадалиев, Элнур Абдураимовга мухлислик қилади.
“Ҳозирги кунда спорт ривожланяпти, ёшлар жуда кучли, ҳар бир вилоятдан кучли спортсменлар чиқяпти. Ҳаммаси меҳнат қиляпти, аслида муваффақиятнинг сири ҳам ана шунда. Ким кўпроқ меҳнат қилса ва машаққатлардан қўрқмай ўтса, ғалабага эришади”, деди Мансуров.
Кроссфит спорти билан истаган одам шуғулланиши мумкин, фақат машқларни тўғри бажариб, тажрибали мураббий билан ишлаган маъқул. Чунки бирон бир машқлар нотўғри бажарилса, организмга оғирлик тушиши ва соғликка зарар етиши мумкин. Спортда соғлик олий ўринда туради.