ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Бугун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш якунланади.
Абитуриентлар бугун 23:59 га қадар my.dtm.uz ва my.gov.uz сайтлари орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари ва тест синови учун тўловни амалга оширишлари (олдинги йиллар битирувчилари) мумкин.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар эса олий таълим муассасаларида ташкил этилган қабул комиссияларида рўйхатга олинади.
“Абитуриентлар кун якунига қадар рўйхатдан ўтиш билан бирга ўз маълумотлари ва танлаган таълим йўналишларини ўзгартиришлари мумкин”, дейилади хабарда.
Давлат тест маркази барча абитуриентларга муваффақият тилаган ҳолда қабулнинг сўнгги соатларини кутмасдан эртароқ рўйхатдан ўтишни ҳамда таълим йўналишлари ва танлов устуворлигини белгилашда эътиборли бўлишни тавсия қилмоқда.
Маълумот учун, ўқишга кириш учун my.dtm.uz ва my.gov.uz сайтлари орқали онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 26 июль ҳолатига 1 118 422 нафарни ташкил этмоқда.
ДТМ рўйхатдан ўтган, лекин таълим йўналишини танламаган абитуриентларнинг мобил телефонларига смс орқали хабар юбормоқда. Қолаверса, абитуриентларга 27 июль таълим йўналишларини танлаш ва тўловни амалга оширишнинг охирги куни эканлиги ҳақида ҳам маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, абитуриентларни рўйхатга олиш 20 июнда бошланганди.