“Толибон”* Афғонистон Ўзбекистон учун хавф туғдирмаслигини маълум қилди

Афғонистон ҳудуди бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари учун хавф туғдирмайди, деди Муттаки.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий мамлакат бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари учун хавф туғдирмаслигини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган Амирхон Муттақий билан учрашган.
Учрашувда Афғонистон делегацияси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббуси ўз вақтида ва зарур эканлиги, бўлажак тадбир жаҳон ҳамжамиятига Афғонистондаги вазият бўйича батафсил маълумот олиш имконини беришини таъкидлаган.

“Афғонистон мамлакатнинг энг яқин ва ишончли шериги бўлган ва шундай бўлиб қолажак Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш тарафдори эканлиги алоҳида таъкидланди. Амирхон Муттақий Афғонистон ҳудуди бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари учун хавф туғдирмаслигини билдирди”, - дейилади хабарда.

Афғонистон делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонига Афғонистонга Термиз шаҳридаги кўп функцияли транспорт-логистика хаби, шунингдек, энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирган.
Владимир Норов афғон томонини халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларини тез фурсатларда бажариш, жумладан, кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларига риоя этиш, қизларнинг тўлақонли мактаб таълими билан таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига 5 июль куни Афғонистон томондан 5 та снаряд келиб тушган эди. Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳолатни икки дўст мамлакатлар ўртасида ихтилоф яратмоқчи бўлган доиралар қилганини айтди.

Орадан бироз ўтиб, Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистондан Ўзбекистонга снаряд отган гуруҳ ушланганини маълум қилди.

Толибларнинг Афғонистон ҳукуматини эгаллаб олиши

Август ойи ўрталарида "Толибон"* аъзолари мамлакат пойтахти Кобулга бостириб кириб, президент саройини эгаллаб олишди.
31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини батамом тарк этишди ва бу билан Афғонистондаги қарийб 20 йиллик америка кампанияси ўз якунига етди.
Толиблар Афғонистоннинг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди.
Муваққат ҳукуматни "Толибон"* биринчи бор ҳукумат тепасига келганида ТИВ раҳбари курсисини эгаллаган ва ҳозирга қадар БМТ санкциялари остида қолиб келаётган Муҳаммад Ҳасан Охунд бошқариши маълум бўлди.
*Ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида.