Ўзбекистонда ШҲТ ва ФАО қўшма форумини ўтказиш таклиф қилинди

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ноябрь ойидаёқ пойтахтда икки ташкилотнинг қўшма форумини ўтказиш мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ноябрь ойида Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатлар қўшма форумини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақида РИА Новости хабар берди.
Ўзбекистон ҳукумати ШҲТ ва ФАОнинг тупроқни муҳофаза қилиш ва ресурс тежовчи технологиялар бўйича қўшма форуми ушбу соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
“Соҳада аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида, биз ноябрь ойида Тошкентда ШҲТ+ФАО форматида тупроқни ҳимоя қилувчи ва ресурс тежовчи технологиялар бўйича қўшма форум ўтказиш тарафдоримиз”, - дейди Ходжаев.
Ўзбекистон ШҲТ ва ФАО ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни ижобий баҳолайди. Икки ташкилот ҳамкорлиги қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, бош вазир ўринбосари ўз сўзида Ўзбекистон ШҲТ давлатларининг илмий-тадқиқот лойиҳаларига сармоя киритиш ва зарур инфратузилмани яратиш учун технологик салоҳиятидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга очиқ эканини қайд этиб ўтди.
“Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг 2030 йилга мўлжалланган кун тартибидаги асосий роли ва ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш ҳам барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиради”, - дейди бош вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2021-2022 йилларда ШҲТга раислик қилмоқда. Айни пайтда 2001 йилда ташкил этилган ташкилот таркибига Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон киради.
Эрон ШҲТга тўлақонли аъзоликка тайёрланмоқда. Аввалроқ Беларусь ташкилотга аъзо бўлиш учун ариза берган эди. Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчилар қаторида.