ТОШКЕНТ, 25 июл- Sputnik. Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов якшанба куни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни 65 ёши билан табриклади ва икки томонлама муносабатларда шаклланган ҳурмат ва ўзаро ёрдам тамойилларини қайд этди. Бу ҳақида Туркманистон давлат ахборот агентлиги TDH хабар берди.
“Бунинг ёрқин тасдиғи бизнинг яқинда бўлиб ўтган учрашув ва музокараларимиз, шунингдек, ажойиб мамлакатингизга қилган биринчи давлат ташрифим чоғида имзонланган йирик ҳужжатлар тўпламидир. Шиддат билан олға интилаётган Ўзбекистон замон муаммоларини ҳал этишда муҳим рол ўйнайди ва кўплаб мамлакатлар билан очиқ ва конструктив алоқаларини давом эттириб келмоқда”, - дейилади Бердимуҳамедов табригида.
Кеча Шавкат Мирзиёевни таваллуд айёми билан Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам телефон орқали табриклаган эди. Суҳбат чоғида сиёсатчилар Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.