1311 йиллик сўғд чопони бугунгача сақланиб қолинган

Дунёдаги ягона сақланиб қолган артефакт ҳақида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VI Халқаро конгрессида маълум қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ёши 1311 йилга тенг сўғд чопони бугунгача сақланиб қолган. Узоқ тарихга эга либос ҳақида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VI Халқаро конгрессида маълум қилинди.
Малайзиядаги Ислом санъати музейи бош куратори Хеба Наел Баракатнинг сўзларига кўра, музейда дунёдаги ягода сўғд чопони сақланмоқда.
Либоснинг енгида туёқлари остида ҳаёт дарахти тақилган қанотли отлар тасвирланган. Матонинг ранглари (яшил, қизил, кўк ва крем) ва медальон кўринишидаги нақшлар ҳали ҳам ажралиб туради.
Айтиш жоиз, Самарқанднинг Афросиёб деворларида ҳудди шундай чопонларни кийган бир гуруҳ инсонлар тасвирланган фреска топилган.
Артефактни Малайзиядаги Куала-Лумпур Ислом санъати музейида кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Самарқандда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VI Халқаро конгресси бўлиб ўтмоқда.