Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари Мирзиёевни туғилган куни билан муборакбод этишди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ва Қирғизистон етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 июл – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қозоғистон ва Қирғизистон етакчилари Қасим Жомарт-Тоқаев ва Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Қўшни давлат етакчилари суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёевни таваллуд айёми билан самимий муборакбод этиб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилашди.
Мирзиёев Тоқаев билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.
Савдо ва логистика, саноат ва агросаноат соҳаларида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Минтақада йирик инфратузилмавий лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга оширишни бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон раҳбари Садир Жапаров билан суҳбатда бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг кун тартибини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Икки мамлакат ҳукуматлари савдо шартномалари ва саноат кооперацияси битимларининг янги тўпламини, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклигининг устувор йўналишлари бўйича бошқа икки томонлама ҳужжатларни тайёрлаши муҳимлиги қайд этилди.
Энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мирзиёев Қирғизистон президентини жорий йил 20-21 июль кунлари Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилгани билан яна бир бор табриклади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон табриклагани хабар қилинган эди.