ТОШКЕНТ, 24 июл – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси матбуот хизмати хабар берди.
“Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар тилади”, - дейилган хабарда.
Президентлар икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Жорий йил 2-3 июнь кунлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунида эришилган келишувларни бажариш бўйича “йўл харитаси”ни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Энг аввало энергетика соҳасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сентябрь ойида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.