ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Тошкент аэропортидаги умумий овқатланиш ва чакана савдо шохобчалари, савдо автоматлари ва такси хизмати майдонлари аукционга қўйилди.
Uzbekistan Airports Тошкент аэропортида жой ижараси учун E-auksion сайтига бир нечта лотларни жойлаштирди. Ижара майдонларининг аксарияти ҳозирда реконструкция қилинаётган учиб кетиш залининг чап томонида жойлашган.
Ҳозирда ауцион учун ўнта лот қўйилган. Учиб кетиш зали ва почта-юк комплексида савдо автоматларини жойлаштириш учун жой ижарага берилади.
2 кв.м майдонга учта савдо автомати (қаҳва/снеклар/ичимликлар) жойлаштирилади. Лотнинг бошланғич суммаси йилига 28,8 млн.
Овқатланиш учун мўлжалланган майдон
Умумий овқатланиш пунктини ташкил қилиш учун учта жой таклиф этилмоқда. Уларнинг иккитаси жўнаш терминалининг "steril" зонасида ва биттаси эстакада остидаги майдон - ҳозирги JUM кафеси.
Кафе-бар учун учиб кетиш залида 25 кв.м ва 80 кв.м майдонлар, тўлиқ ошхона ташкил қилиш имкониятисиз, ижарага берилади.
Талаблар:
Ижарачи компания умумий овқатланиш соҳасида тажрибага эга бўлиши, таниқли брендга эга бўлиши;
TripAdvisor маълумотларига кўра Тошкентдаги энг яхши 10 та умумий овқатланиш брендлари қаторида бўлиши.
Биринчи жойда бир квадрат метрнинг бошланғич қиймати 785 минг сўм, иккинчи жойда 390 минг сўмни ташкил этади.
Шунингдек, узоқ йиллардан буён JUM бренди остида фаолият юритиб келаётган кафе учун ижарачи қидирилмоқда. Ресторанда тўлиқ фаолият олиб борувчи ошхона мавжуд. Умумий майдони 217 квадрат метр бўлган объектнинг йиллик бошланғич қиймати 586,5 млн сўмни ташкил этади.
Чакана савдо учун майдонлар:
Китоб дўконини ташкил этиш учун – йиллик бошланғич қиймати 47,5 млн сўм бўлган 12 кв.м. майдон;
Эсдалик совғалари ва гастрономик маҳсулотлар дўкони учун – йиллик бошланғич қиймати 226 млн сўм бўлган 24 кв.м. очиқ майдон;
Гаджетлар ва аксессуарлар дўкони учун – йиллик бошланғич қиймати 158,4 млн сўм бўлган 24 кв.м очиқ майдон;
Заргарлик буюмлари дўкони учун – йиллик қиймати 226 млн сўм бўлган 24 кв.м. очиқ майдон.
Такси хизмати учун майдон
Учиб келиш залида такси хизмати учун пештахта ва офис хонаси ҳам савдога қўйилган. Ариза берувчи компания уч йилдан ортиқ бўлмаган бензинли автомашиналар паркига, шунингдек, камида уч йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчилар таркибига эга бўлиши керак.
Терминал олдидаги биринчи қаторда ҳар доим камида бешта машина бўлиши лозим. Лотнинг йиллик бошланғич баҳоси – 188,82 млн сўм.
Қайд этилишича, ижарачи компаниялар offshor зоналарда банк ҳисоб рақамларига, шунингдек солиқ қарзлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздор бўлмаслиги лозим.