ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Амударё қирғовули ўз полапонларини йўлдан ўтказаётган жараёни мобиль тасвирга мухрланди. Бу ҳақида Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Хоразм миллий табиат боғида Амударё қирғовули ва унинг полапонлари тасвирга олинган.
Айтилишича, шу кунларда боғда она қирғовулларнинг ўз болаларини эргаштириб юрганини жуда кўп учратиш мумкин бўлмоқда.
Табиий тўқайзорларнинг кескин камайиши ва брокенерлик сабабли қирғовулларнинг сони кескин қисқариб кетган эди. Олиб борилган ишлар натижасида уларнинг сони яна купаймоқда.
“Амударё бўйидаги табиий тўқайзорларнинг Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги Хоразм миллий табиат боғи таркибига киритилгани ва ҳозирда ушбу ҳудудларнинг доимий муҳофазага олингани ўз натижасини бермоқда, яъни ёввойи ҳайвон ва қушларнинг кўпайиши кузатиляпти”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, қирғовул Хоразм воҳасидаги эндемик қушлар тоифасига киради. У маккажўхори, буғдой, арпа, сули, тариқ ва яшил ўсимликлар билан озиқланади.