Тошкентда аёллар учун IT–клуб очилди

Эндиликда клуб аъзолари ҳар ой расмий ва норасмий қисмларни ўз ичига олган тадбирларни ўтказади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Тошкентда аёлларни ахборот технологиялари соҳасига жалб этишга қаратилган "GAP" IT соҳасида аёллар клуби лойиҳаси ишга туширилди.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларни IT-соҳасига жалб қилиш ҳамда уларнинг соҳага бўлган қизиқишини янада оширишдан иборат.
“Аёлларни АКТ соҳасида ўқитиш ва ривожлантириш келажакда уларга юқори маошли иш топиш имконини беради. Бу, айниқса, ўзларига қулай жадвалда ишлашни орзу қиладиган аёллар ва фрилансерлар учун актуал. Бундан ташқари, бу ҳар бир аёлнинг ўз даромадига эгалиги ва молиявий жиҳатдан мустақил бўлишига имкон яратади”, дейилади хабарда.
Эндиликда клуб аъзолари ҳар ой расмий ва норасмий қисмларни ўз ичига олган тадбирларни ўтказади.
Клуб Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ва IT Парк ҳамкорлигида ишга туширилди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда шу йилнинг 1-чорак якунлари бўйича IT Парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий ҳажми 814 млрд сўмни ташкил этганди.
IT Парк резидентлари экспорти ҳажми ҳам барқарор ўсишда давом этмоқда. Резидентлар томонидан кўрсатилган хизматларнинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 186 фоизга ўсган.