ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувларига қўшни давлатлар, жумладан, Россия ва Хитой вакилларини таклиф қилиш фикрини илгари сурди.
Унинг қайд этишича, номинтақавий стратегик ҳамкорлар билан ҳамкорлик масалаларида Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ўртасида кўп томонлама форматлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик концепциясини қабул қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.
Тоқаевнинг сўзларига кўра, минтақа давлатлари раҳбарлари белгиланган географик чегаралар доирасида қолиб кетмаслиги керак.
“Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ишида Россия ва Хитой каби бошқа қўшни давлатларнинг олий вакиллари таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этишлари мумкин”, - деди Тоқаев Қирғизистондаги саммитда нутқ сўзлаётиб.
Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Унда, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, қатор таклифларни илгари сурди.