"Права"ни янгисига масофадан алмаштириш йўлга қўйилиши мумкин

Тайёр гувоҳнома ҳайдовчиларга почта орқали етказиб берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ҳайдовчилик гувоҳномасини масофадан алмаштириш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ялпи мажлисда адлия вазири Русланбек Давлетов маълум қилди.
Адлия вазири ўз сўзида эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришни тўла рақамлаштириш ва янги гувоҳномаларни почта орқали етказиб беришни йўлга қўйиш масаласига тўхталиб ўтди.
Қайд этилишича, онлайн тартиб жорий этилса, хайдовчиларнинг давлат хизматлари марказига келиши шарт бўлмайди. Бу фақат электрон равишда амалга оширилади.
Тайёр гувоҳнома эса почта орқали етказиб берилади.

“Битта камчилик бор, гувоҳномага имзо чекиш керак. Бунинг учун албатта ҳайдовчи ўзи келишига тўғри келади. Бу тартибни олиб ташлаш харакатини қиляпмиз. Буни ўзига яраша халқаро талаблари бор. Кўп давлатларда имзо чекиш тартиби йўқ экан. Биз ҳам шуни уддаласак, муамолар бўлмайди”, дейди Русланбек Давлетов.

Вазирнинг сўзларига кўра, гувоҳномани алмаштириш муддати 2-3 марта чўзиб берилган. Шунга қарамай охирига муддат куни навбатлар кўпайиб кетмоқда.
“Агар шундай қилмасак айтаётган муаммоларимиз яна такрорланаверади. Беш йилдан кейинам худди шунақа бўлади", деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати яна узайтирилганди.