Ўзбекистонда Марказий Осиё ва Россия меҳнат инспекторлари иштирокида форум ўтказилади

Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия каби давлатлардан 60 нафар эксперт иштирок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 9-12 август кунлари Марказий Осиё ва Россия меҳнат инспекторларининг биринчи минтақавий форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақида Меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази маълум қилди.
Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия каби давлатлардан 60 нафар эксперт иштирок этади.
Тадбирнинг асосий мақсади Марказий Осиё минтақаси ва Россияда меҳнат соҳасида давлат назоратини амалга ошириш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Шунингдек, малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш орқали меҳнат инспекторларининг билим даражаси, ишчанлиги ва самарадорлигини ошириш ҳам кўзда тутилган.
Форум доирасида муҳокама этиладиган масалалар:
Иштирокчи давлатларнинг Давлат меҳнат инспекциялари вакиллари Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий тамойиллари;
Миграция қонунчилиги;
“Vision zero” (Нол жароҳатлар) концепсияси;
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш;
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат қонунчилиги.
Шунингдек, давлат меҳнат инспекторининг шахсий ва касбий ўсишига, эмоционал бошқариш кўникмаларига ва бошқаларга қаратилган тренинглар ташкил этилади.
Тадбир якунлари бўйича Марказий Осиё минтақасида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, жумладан, Ўзбекистон Меҳнат инспекциясининг ҳуқуқий ва ташкилий салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, Меҳнат инспекция ишининг умумий сифатини таъминлашда инспекторларнинг меҳнат шароитлари муҳим рол ўйнайди. Тахминан 175 йил давомида бутун дунё бўйлаб инспекторлар кўплаб йўналишларда меҳнат шароитларини яхшилаш устида ишламоқда.