ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Иссиқкўлда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон етакчилари самимий мулоқот қилди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити олдидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари биргаликда "Номад" маданият марказига бордилар. Ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси кўздан кечирилди. Сўнг кўчманчилар ўйинлари намойиш этилди.
Марказий Осиё халқлари куй-қўшиқларидан тузилган концерт дастурида элларнинг бирлиги, маданий яқинлиги намоён бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Чўлпонотада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.
Саммитда савдо, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилади.