Тошкентдан Омск, Пермь ва Уфага қатновчи автобуслар ҳаракати қайта тикланади

“Тошкент – Краснодар” янги мунтазам халқаро автобус йўналишида ҳам қатновлар амалга оширилиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда “Тошкент – Омск”, “Тошкент – Пермь”, “Тошкент – Уфа” йўналишидаги автобус қатновлари босқичма-босқич қайта тикланади. Бу ҳақида АОКАда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Ашурматовнинг сўзларига кўра, вазирлик “Тошкент – Краснодар” янги мунтазам халқаро автобус йўналиши ҳужжатлари тайёрлаб, келишиш учун Россия Транспорт вазирлигига юборган.
Бугундан бошлаб “Тошкент” автовокзали орқали “Тошкент–Санкт-Петербург” йўналишида қатновлар бошланди.
Автобус қатновларлари ҳафтада икки маротаба чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Чипта нархи 1 млн 250 минг сўм.
18 июлдан бошлаб қайта тикланган автобус йўналишлари:.
“Тошкент–Москва” йўналиши- ҳафтада икки маротаба душунба ва пайшанба кунлари. Чипта нархи 1 млн сўм.
“Тошкент-Қозон” йўналиши- ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари. Чипта нархи 800 минг сўм.
“ Хоржий давлатларга автобус қатновлари орқали жўнаб кетишни режалаштираётган фуқароларимиздан турли-туман ноқонуний равишда фаолият кўрсатаётган ташувчилар хизматларидан фойдаланмасликларини сўраб қоламиз. “Тошкент” автовокзали орқали ташкил этилаётган рейсларда ишончли хизмат кўрсатилиши кафолатланади”, дейилади хабарда.
Мазкур йўналишларда қатновлар “Uzautotrans service” МЧЖ корхонасининг “Yutong” русумли автобусларида амалга оширилади. Йўналишга чиқаётган ҳар бир автобусга 3 нафардан ҳайдовчи бириктирилган.
Йўналишларга чиқишдан олдин ҳар бир ҳайдовчи тиббий кўрикдан, автобуслар эса техник кўрикдан ўтказилади. Қатнов давомида ҳар тўрт соатда ҳайдовчилар алмашади.
Эслатиб ўтамиз, 18 июлдан Ўзбекистон ва Россия шаҳарлари ўртасида автобус қатнови қайта тикланди. Қатнов коронавирус пандемияси сабаб 2020 йил мартида вақтинча тўхтатиб қўйилган эди. Ҳозир автобуслар Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларига қатнашни бошлаган.