ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Бугундан профессионал таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бошланди. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда ўқишни кўчириш юзасидан аризалар 20 июлдан 10 августга қадар қабул қилинади.
Ўқишини кўчириш истагида бўлганлар таълим муассасасида ташкил этилган Ишчи гуруҳга ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Ҳужжатлар рўйхати:
Ариза (ўқувчи ёки вояга етмаган бўлса унинг ота-онаси томонидан);
Профессионал таълим муассасаси томонидан берилган академик маълумотнома;
Ўқувчининг курсдан курсга ўтганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
Ўқувчининг паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ҳамда ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг доимий яшаш жойи кўрсатилган паспорти нусхаси.
Қайд этилишича, ўқишни кўчириш тартиби Адлия вазирлигининг юридик техникумлари учун амалга оширилмайди.