ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Марбург касаллигининг Ўзбекистонда табиий ўчоқлари йўқлиги сабабли касаллик маҳаллий ҳолатда қайд этилмайди. Аммо касалликнинг хориж давлатлари орқали кириб келиш хавфи йўқ эмас.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг маълум қилишича, касалликларни четдан кириб келишини олдини олиш мақсадида республикага ташриф буюрган шахслар санитария-карантин пунктларида замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар ёрдамида термометриядан ўтказилмоқда.
Барча тиббиёт ходимларини карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича махсус дастур асосида ўқитилган. Геморрагик иситма касалликларига гумон қилинган ҳар бемор юзасидан чуқур эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
Санитария-эпидемиология хизматининг махсус лабораториялари ҳамда касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни ўз вақтида ётқизиш, даволаш мақсадида юқумли касалликлар шифохоналари шай ҳолатга келтирилган бўлиб мутахассислар мунтазам қайта тайёргарликдан ўтказилиб келинмоқда.
Геморрагик иситма касаллигига чалинган беморларини даволаш ишларини ташкил этиш учун зарур дори воситалари захираси яратилган.
Қўшни далватлардан ташриф буюрадиган фуқароларнинг тиббий назорати ва карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси бўйича аҳоли ўртасида санитария – тарғибот ишларини кучайтирилди.
Санитария-эпидемиология хизмати аҳолидан ўз саломатлигига беъэтибор бўлмасликни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Африканинг Гана мамлакатида Марбург вируси билан касалланган икки нафар бемор аниқланган. Кучли геморрагик иситма ва ўлимга сабаб бўлувчи бу хасталик оқибатида 26 ва 51 ёшли фуқаро вафот этган.
Марбург касаллиги – вирус кўзғатадиган, турли хил юқиш йўлларига эга бўлган, тана ҳароратини кўтарилиши ва қон кетиш белгилари билан кечадиган ва ўлим даражаси юқори бўлган тез юқувчи, ўта хавфли юқумли касалликдир.
Марбург иситмасининг манбаи Африка яшил мартишкалари (бирламчи манба) ҳамда шу касалликка чалинган бемор одам ҳисобланади. Касаллик маиший–мулоқот, ҳаво-томчи, алиментар йўллар билан юқади.
Юқиш омилларига касалликка чалинган яшил маймунларнинг қони, органлари, спермаси, сийдиги, шиллиқли ажралмалари киради ва уларда вирус нисбатан юқори концентрацияларда аниқланади. Вирус билан барча ёшдагилар ва жинсдагилар касалланиши мумкин. Касалликда даврийлик ҳамда мавсумийлик хос эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хасталик аломатлари тўсатдан бошланади ва бемор юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи ҳамда безовталикдан азият чекади.
Марбург вируси Эбола касаллиги сингари ўта юқумли бўлиб, ҳозирча тасдиқланган даво муолажалари мавжуд эмас. Қолаверса, бу хасталикка қарши вакциналар ҳам яратилмаган.