ТОШКЕНТ, 20 июл – Sputnik. Сурия Украина билан дипломатик муносабатларни тўхтатди. Бу ҳақда SANA ахборот агентлиги Сурия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб хабар берган.
“Сурия Киевнинг қарорига жавобан Украина билан ўзаро муносабатлар тамойили асосида дипломатик муносабатларни узишга қарор қилди”, - дея агентлик ТИВдаги суҳбатдошининг сўзларидан иқтибос келтирган.
Дамашқнинг фикрича, Киев 2018 йилда, суриялик дипломатларнинг визаларини узайтиришдан бош тортганида муносабатларни узган.
“Ушбу қадам натижасида дипломатлар ўз вазифаларини бажара олмади, Украина расмийларининг душманона позицияси ҳамда Ғарб ва АҚШнинг Сурияга нисбатан сиёсатига кўр-кўрона бўйсуниши туфайли элчихона фаолияти тўхтатилди”, дейилган манбада.
Дамашқ жорий йил 29 июн куни Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олди. Эртаси куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги консуллик алоқаларини сақлаб қолган ҳолда Сурия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди. Улар Суриянинг ДХР ва ЛХРни тан олиш қарорини нодўстона қадам, Украина ҳудудий яхлитлигига тажовуз деб билишларини таъкидлади.
Киев, шунингдек, Суриянинг юридик ва жисмоний шахсларига қарши савдо эмбаргоси ва санкциялар жорий этиш режаларини ҳам маълум қилди.