ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Уч фарзанднинг онаси чимкетлик Мария Саворовская қандай қилиб қизи бир ёшли икки эгизак укасини қутқариб қолганини сўзлаб берди.
15 июль куни кечга яқин Қайнарбулоқ далаҳовлиллар массивида яшовчи оила хонадонида ёнғин содир бўлди.
Саворовская айтишича, турмуш ўртоғи билан болаларни ухлашга ётқизиб, кейин қўшнилардан сут олишга кетишган.
Кўп ўтмай, қизалоқ икки укаси ухлаётган хонада ўриндиқ ёниб кетганини пайқаб қолади.
У ёнғинни ўчира олмагач, укаларини бирин-кетин кўчага олиб чиқишни бошлайди.
“Болаларни қўлига ушлаб, уларни уйдан чиқарган. Қизим менга “Онажон, кечиринг, укамни олиб чиқиб, уни ерда қолдирдим. Чунки мен яна югуришда давом этишим керак эди, кечиринг” деди. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам хайратдаман. Чунки у ҳам ҳали бола, қўрқиб, қочиб кетиши мумкин эди. У қўрқиб кетди, унинг оёқлари узоқ вақт давомида титраб турди. Аммо, кейин биз болаларни қўшниникига олиб бордик, уй бутунлай ёниб кетганини айтмадик", дейди Мария Саворовская.
Қўшнилар кўмагида ёнғин ўчириш хизмати етиб келгунига қадар ёнғинни бартараф этишга эришилди. Бу эса, фожеа келиб чиқишини олдини олди.
Агар олов газ баллон жойлашган ҳаммомга етиб борганида, уйда портлаш юзага келган бўларди. Саворовскаянинг сўзларига кўра, ёнғинга совутгичда содир бўлган қисқа туташув сабаб бўлиши мумкин.
"Кондиционер ўриндиқнинг тепасида осилган эди. Менимча, симларда туташув бўлган. Диван ва ўриндиқ ичида синтепон бор, у одатда тез ёнади. Биз келганда деразада алангани кўрдик. Кейин шланг ёрдамида, шунингдек ховуздаги сувдан фойдаланиб оловни ўчиришга киришдик. Ўт ўчириш бўлими тезда етиб келди, аммо у пайтга келиб олов ўчиб бўлганди”, дея қўшимча қилди аёл.
Айни пайтда оила вақтинчалик уйга жойлаштирилди. Мусибатга бефарқ бўлмаган фуқаролардан бири уларни уй ва озиқ-овқат билан ҳам таъминлади.