ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. 2022 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон хорижий давлатлардан қиймати 3,2 млн долларга тенг бўлган 747 тонна музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотларини импорт қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Статқўмга кўра, музқаймоқ ва музқаймоқ маҳсулотлари импорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 254 тоннага ошган.
Мамлакат ўтган 6 ой мобайнида энг кўп музқаймоқни Россиядан (475 тонна) импорт қилган. Шунингдек, Ўзбекистонга Қозоғистон (203 тонна), Қирғизистон (18 тонна) ва Литва (18 тонна) дан ҳам музқаймоқ ҳамда музқаймоқ маҳсулотлари кириб келган.
Беларусь (17,4 тонна) ва Франция (14,2 тонна)нинг музқаймоқлари ҳам Ўзбекистон бозоридан жой олган.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон Россиядан нафақат музқаймоқ, балки ёғоч маҳсулотлари, макарон, парранда гўшти, енгил автомобиллар ҳам импорт қилган. Қолаверса, кир ювиш машиналари ҳам мамлакатга асосан Россиядан кириб келади.