ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 316,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақида Марказий банк хабар берди.
Қайд этилишича, бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоизга ошган.
Нақд пуллар ҳажми қуйидагича қайд этилди:
Банк кассаларига нақд пул тушумлари -152,3 трлн сўм.
Чиқим қилинган нақд пуллар -164,0 трлн сўм.
Банк кассаларига жами нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,0 фоизга ошди.
Савдо ва хизматлар соҳаси тушумларида 25,0 фоиз (14,3 трлн.сўм) ва банк хизматларидан нақд пул тушумлари 53,4 фоиз (17,6 трлн.сўм) ўсиш кўрсатгичини қайд этди.
Натижада, жами тушумлар таркибида савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар улуши 2,6 фоизли бандга камайди.
Савдо ва хизматлар соҳасидан жами тушумлар 114,7 трлн сўмни ташкил қилди.
Банк ҳисобрақамларига қуйидагича кирим қилинди:
71,7 трлн.сўм нақд шаклда;
43 трлн.сўм терминаллар орқали.
Банк кассаларидан ва банкоматлардан берилган нақд пуллар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40,8 фоизга (47,5 трлн.сўм) ошиши кузатилди.
Ушбу ўсишнинг асосий қисми банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 22,2 трлн сўмга (52,7 %) ҳамда банклар томонидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун 13,6 трлн сўм (43,7%) ошиши ҳисобига юзага келди.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида банк карталарига кирим қилинган маблағлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80,6 фоизга ошиб, 229,2 трлн сўмни ташкил қилди.
Ушбу маблағларнинг 80,1 трлн сўми - пенсия, нафақа ва иш хақи тўловлари, 67,9 трлн сўми - халқаро пул ўтказмалар бўйича ва картадан картага ўтказмалар, 47,1 трлн сўми - нақд пулда ва омонат ҳисобварақлардан банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу даврда банк карталаридаги 64,3 трлн сўмлик (28,1 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
Шундан, банкоматлар орқали 50,4 трлн сўмлик ва банк кассалари орқали 13,9 трлн сўмлик нақд пуллар ечилган.
Марказий банк жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 11,8 трлн сўм нақд пуллар чиқарди.
1 июль ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 25,6 фоизни ташкил этди.