ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Қорақалпоғистонда содир бўлган оммавий тартибсизликлар оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд 147 млн сўм зарар етказилган. Бу ҳақида АОКАда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, 16 июль ҳолатига кўра, ҳодиса юз берган ҳудудлар ва жойлар эксперт ва мутахассислар иштирокида тўлиқ кўздан кечирилиб, ишга алоқадор бўлиши мумкин бўлган 550 дан ортиқ ашё ва нарсалар расмийлаштирилди.
“Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 274 нафар фуқарога тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди, шундан 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда, афсуски, яна 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, вафот этди”, - деди Ҳаёт Шамсуддинов.
Унинг сўзларига кўра, ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаро жабрланувчи деб эътироф этилди.
Шунингдек, жиноят содир этган шахсларни фош этишга қаратилган тадбирлар доирасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, белгиланган тартибда ушланган фуқароларнинг ҳимоя ҳуқуқи адвокат орқали амалга ошириши тўлиқ таъминланган.
Уларнинг ушланганлиги ва қамоққа олинганлиги ҳамда сақланаётган жойи ҳақида яқин қариндошларига белгиланган тартибда хабар берилган.
Сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар тўла таъминланган. Ушланганларнинг соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас.
Айтилишича, баъзи хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолганлиги ҳақида мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган “фейк” хабарлар тарқатилмоқда.
Ушбу фуқароларнинг бир қисми ўз яшаш уйида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланди.
Шунингдек, Ҳаёт Шамсуддинов ўз сўзида фуқаролардан сохта ва уйдирма маълумотларга ишонмасдан, ўтказилаётган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни Бош прокуратура Штаби ахборот манбаларидан олиш кераклигини айтиб ўтди.
Қолаверса, Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар юзасидан бирон-бир маълумотга ёки ишга алоқадор ашёларга эга бўлсан фуқаролардан, уларни тергов-тезкор гуруҳига тақдим этиш сўралди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича ишонч телефони ишга туширилгани маълум қилинганди. Унга кўра, фуқаролар 1374 қисқа рақамли колл-марказга Қорақалпоғистондаги ҳолат ва содир бўлган ҳодисалар юзасидан ўз мурожаатларини йўллашлари мумкин.