ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 2030 йилга бориб уран ишлаб чиқариш ҳажми 7100 тоннага етказилади. Бу президент томонидан қабул қилинган ПҚ-319-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжат билан, 2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасининг уран қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмлари оширилади.
Ҳозирда табиий уран консцентрати 3 526 тоннага тенг бўлиб, бу кўрсатгич шу йилнинг ўзида яна 30 тоннага (3 526) оширилади.
Ҳужжатда қайт этилишича, амалда уран захиралари ҳажми 4 761 тоннани ташкил этмоқда. Бу кўрсатгични 2030 йилга бориб 10 500 тоннага етказиш прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, “Ўзкимёсаноат”, “Олмалиқ КМК” ва “Ўзбекнефтигаз” билан биргаликда “Навоийуран”да уран қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнида ишлатиладиган асосий кимёвий ва бошқа хомашё маҳсулатларини ишлаб чиқариш ҳажми оширилади.
2022-2030 йилларда корхона томонидан уран, нодир ва камёб метталар прогноз ресурслари ҳамда захираларини кўпайтириш бўйича геология-қидирув, илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишлари йўлга қўйилади.
Қолаверса, республиканинг ихтисослиги мос етакчи олий таълим муассасалари ва хорижий филиаллар негизида уран геологияси, қазиб олиш, қайта ишлаш ва қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасида юқори малакали мутахассислар таёрланади.
Кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, мамлакатда янги таълим йўналишларини очиш бўйича Россиянинг “ММФИ” миллий тадқиқот ядро, Россия кимё-технологиялари, Санк-Петербург кончилик университетлари ва бошқа хорижий ОТМлар билан музокаралар ўтказиш кутилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ўтган йилда уран қазиб олувчи давлатлар рейтингидаги бешинчи ўринни қайд этди. Ўзбекистонда йилига барқарор равишда 3,5 минг тонна уран ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, мамлакат 2020 ва 2019 йилларда ҳам 3,5 минг тонна, 2018 йилда эса 3,4 минг тонна уран ишлаб чиқарган.