ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Кеча Тошкент вилоятида жойлашган Оҳангарон ўрмон хўжалигида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 13:03 да Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Тошариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган ўрмон хўжалигига қарашли бўлган ер майдонида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.
Бошқарма ёнғин-қутқарувчилари воқеа жойига соат 13:09 да етиб бориб, ёнғин соат 13:15 да ўраб олинган ва соат 14:05 да ўчирилган.
Ёнғинни бартараф этишга 1 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 30 нафар ходим, ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилинган. Ёнғин натижасида тахминан 500 кв.м майдонда қуруқ ўт ва шох шабба ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва халок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.