Болаларни давлат боғчаларига қабул қилиш тартиби маълум қилинди

Ариза берувчилар йўлланмалар олиш учун давлат хизматлари марказларига ўзлари келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Адлия вазирлиги болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берди.
Ота-оналар, улар ўрнини босувчи шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар), болалар яқин қариндошлари (бобоси, бувиси, вояга етган акаси ёки опаси) ёки учинчи шахслар (ариза берувчилар) йўлланмалар олиш учун давлат хизматлари марказларига ўзлари келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да рўйхатдан ўтади.
Давлат хизматидан комплекс тарзда фойдаланиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш билан бир вақтда мурожаат қилишлари ҳам мумкин.
Сўровнома тўлдирилиб, автоматик равишда Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимига юборилади.
Тегишли ташкилот ва гуруҳда бўш ўрин бўлганда – йўлланма шакллантирилади, бўш ўрин бўлмаганда – сўровнома тегишлича умумий ёки имтиёзли рўйхатга киритилади ҳамда хабарнома шакллантирилади.
Имтиёзли рўйхатга киритиладиган болалар қатлами:
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар болалари;
кўп болали оилалар болалари;
етим болалар ёки ота-онаси қаровисиз қолган болалар;
“Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёллар болалари;
контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимлари болалари;
талабалар ва педагоглар болалари;
акалари ёки опалари ушбу муассаса тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар.
Ариза берувчи болаларни ташкилотга қабул қилишни йўлланма шакллангандан сўнг 15 иш куни мобайнида расмийлаштирмаган тақдирда, йўлланма ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Аввалроқ энди оилавий боғчаларга 3 ёшга тўлмаган болалар ҳам қабул қилиниши хабар қилинган эди.