ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Бўка тумани далаларида етиштирилган полиз маҳсулотлари шу кунларда Россия бозорларига экспорт қилинмоқда. Бу ҳақида Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Екатеринбургга қовун етказиб бериш бўйича ҳамкорликка "ИННОПРОМ-2022" Халқаро саноат кўргазмасида эришилган.
“Бўка туманида фаолият юритувчи “TNA AGROINVEST” корхонаси директори Ислом Боқижонов Тошкент вилояти вакиллари қаторида жаҳон кўргазмасида иштирок этиб, бир қатор йирик корхоналар билан шартнома имзолашга эришган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда етиштирилган 40 тоннага яқин қовун маҳсулотлари Покистон бозорига етказиб берилиши маълум қилинганди.