ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков "Замон.уз"га берган интервьюсида коронавируснинг кентавр варианти ва унинг тарқалиш тенденцияси ҳақида маълумот берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бу ҳам омикрон штаммининг бир тури. Касалликнинг қандай номланиши жуда катта аҳамиятга эга эмас, буларнинг бари коронавирус.
"Кентавр штаммининг юқиш тенденцияси бир мунча юқори. Бир вақтнинг ўзида жуда кўп одамларни касаллантириши мумкин. Ҳатто омикроннинг бошқа тури билан касалланган одам ҳам ушбу вирусни юқтириб оляпти", — дейди Отабеков.
Рақамларга мурожаат қилинса, касалликнинг кечиши деярли ҳаммада бир хил. 98 фоиз ҳолатда касаллик енгил кечяпти. Унга қарши эмланганларда асоратларсиз ўтяпти.
Отабеков "кентавр" Ўзбекистонга аллақачон кириб келган бўлиши мумкинлигини истисно этмади:
"Ўзбекистон фуқаролари ҳозир дунёнинг хоҳлаган нуқтасида бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан вирус касалликнинг яширин даврида Ўзбекистонга кириб келган бўлиши мумкин", - дейди у.
Коронавирус одамларни касаллагандан бери салкам 17 мингта мутацияга учраган вариантлари пайдо бўлган, ҳаммасига ҳам вакцина ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ. Мавжуд вакциналар, бустер доза билан эмланишнинг ўзи кифоя қилади.