Афғонистонда вабо тарқалиши сабаб қўшни давлатлардан келаётганлар назорати кучайтирилди

Ўзбекистон СЭС Афғонистонда вабо тарқалиши сабаб қўшни давлатлардан келаётганлар назоратини кучайтирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати чегара-божхона постларидаги санитария-карантин пунктларида мамлакатга қўшни далватлардан ташриф буюрадиган фуқароларнинг тиббий назоратини кучайтирди.
Бу турли ижтимоий тармоқларда тарқалган Афғонистоннинг икки вилоятида бир кунда 40 нафарга яқин одам вабодан вафот этганлиги ҳақида хабарларга боғлиқ.
Санитария-эпидемиология хизмати айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Афғонистондаги вабога оид эпидемологик вазият юзасидан хеч қандай расмий хабар бермаганини қайд этган.
Вабо – vibrio cholerae микроорганизми келтириб чиқарадиган, ўткир инфекция. Касаллик диарея билан кечади, бу сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтириб чиқаради. Кўпинча инфекция ифлосланган сув ёки денгиз маҳсулотлари орқали юқади.
Таъкидланишича, республикада вабо касаллигини тарқалишини ва келиб чиқишини олдини олиш юзасидан қатор чоралар кўрилмоқда. Хусусан, республика бўйлаб бугунги кунда давлат чегараларини кесишиш жойларида 54 та санитария – карантин пунктлари фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан 36 таси автомагистрал йўлларида, 11 таси халқаро аэропортларида, 6 таси темир йўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган. Улар замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар билан етарлича таъминланган.
Юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларни вабога текшириш ташкил этилган.
Санитария-эпидемиология хизматининг махсус лабораториялари вабо касаллигини ташхисоти бўйича керакли жиҳозлар, реактивлар ва озуқа муҳитлари билан етарли миқдорда таъминланган. Лаборатория мутахассисларини қайта тайёргарликдан ўтказилган.
Қайд этилишича, касаллик мавсумида ҳар ҳафта очиқ сув хавзаларидан намунлар олиб, вабо чақирувчиларига текширилиши амалга ошириб келинмоқда (НАГ ва АГ вибрионларга).
Касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган.
Вабо касаллигига чалинган беморларини даволаш ишларини ташкил этиш учун зарур дори воситалари захирасини яратилган.
Санитария-эпидемиология хизмати карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси бўйича аҳоли ўртасида санитария – тарғибот ишлари кучайтирилгани қайд этган.