ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикасидаги солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик ва таъсир чоралари вақтинчалик қўлланилмайди. Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, фавқулодда ҳолат даврида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда тақдим этмаслик ҳолатлари бўйича жавобгарлик ва таъсир чоралари қўлланилмайди.
Мазкур чоралар Қорақалпоғистонда 3 июлидан 2 августига қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинганлиги сабабли жорий этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш юзасидан Олий Мажлис вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимларидан иборат комиссия тузилди.