Энергетика вазирлиги аномал иссиқда электр энергиясини тежашни сўрамоқда

Иссиқ кунларда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларда захира энергоблоклари ишга қўшилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Энергетика вазирлиги фуқаролардан аномал иссиқ кунларда электр энергиясидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишларини сўрамоқда.
Айтилишича, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Бунинг натижасида, электр тармоқлари ва трансформатор пункларида юклама ортиши ва натижада тармоқда носозликлар келиб чиқиши мумкин.
Шу мақсадда вазирлик ва унинг тизимидаги барча ташкилотлар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
“Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларда захира энергоблоклари ишга қўшилади. Электр энергияси етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида йил бошидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 330 дан ортиқ трансформатор пунклари янгиланди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари паст кучланишли 17 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 6 мингга яқин трансформатор пункти, шунингдек 110-500 кВ кучланишли 600 километрдан ортиқ электр узатиш тармоғи ва 7 та куч трансформаторлари мукаммал таъмирланди.
Барча электр станцияларда 24 соатлик навбатчилик гуруҳлари ташкил этилди.
Шунингдек, электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилди.
Истеъмолчилардан электр энергияси таъминоти юзасидан саволлар юзага келганда 11-54 қисқа рақами ёки Telegram’даги (@HET_admin) админстраторга мурожаат қилишлари сўралмоқда.
Маълумот учун, 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиши сабабли кундуз кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.