ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Давлат тест маркази хориждан ўқишни кўчириш учун талабалардан аризаларни онлайн қабул қилишни бошлади.
Аризалар my.dtm.uz сайтининг "Ўқишни кўчириш (хориждан)" бўлими орқали амалга оширилади.
Қайд этилишича, аризаларни қабул қилиш 15 июлдан 5 августга қадар давом этади.
"Хорижий давлатлардан ўқишни кўчириш бўйича ўтиш баллари Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. Ўтиш баллари билан info.edu.uz сайти орқали танишиш мумкин", дейилади хабарда.
Маълумот учун, талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бу йилдан Ўзбекистон ҳудудида таълим олаётган фақат 2 тоифадаги талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилади. Унга кўра, талабалар турмуш қурса ёки давлат хизматчисининг иши бошқа жойга ўтсагина ўқишини кўчириши мумкин бўлади.