ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Эртага, 15 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар саноат вазирлари йиғилиши ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг Саноат сиёсати бўйича Кенгашининг VIIIйиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирларда Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон саноат вазирлари, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Хитой тармоқ вазирларининг ўринбосарлари, ШҲТ бош котиби Чжан Мин, МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Илҳомжон Неъматов, шунингдек, Россия ва Қозоғистон ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этади.
Йиғилиш иштирокчилари ушбу ШҲТ ва МДҲ доирасида саноатни ривожлантириш, кооперация асосида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги технологияларни жорий этиш, моддий ва молиявий ресурсларни жалб қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва саноат маҳсулотларини диверсификация қилиш бўйича ҳамкорликни янада жадаллаштириш ҳамда кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади.
Учрашувлар чоғида ШҲТ ва МДҲ га аъзо давлатлар саноатини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар тасдиқланиши кутилмоқда.
“Хусусан, Шанхай ташкилотига аъзо давлатлар вазирлари ШҲТ мамлакатлари ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури лойиҳасини маъқуллайди. Мазкур ҳужжат Ташкилотнинг Самарқанд саммити кун тартибига тасдиқлаш учун киритилади. МДҲга аъзо давлатлар саноат вазирлари йиғилишида ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликка доир ҳужжат тасдиқланиши кутилмоқда”, -дейилади хабарда.