Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаси 34%га ўсди

Савдо айланмасида энг катта ҳажм Афғонистонга тўғри келмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаси 5 йилда 34%га ўсди. Бу ҳақида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган.
Ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 1,4 млрд долларни ташкил этмоқда.
Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатларига экспортининг 5 йилда ўсиши 26%, импорт эса 49%га етди.
Савдо айланмасида энг катта ҳажм Афғонистонга (48,9%) тўғри келмоқда. Ҳиндистон - 35,6%, Покистон - 13,2% ва Бангладеш - 2,1%ни ташкил этмоқда.
Бунда Малдив ороллари, Непал ва Бутан билан савдо айланмаси кичик ҳажмга тенг бўлди.
Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан 2021 йилдаги савдоси:
Афғонистон
Афғонистон билан савдо айланмасида Ўзбекистон экспорти асосий улушни (99,1%) эгаллаб, Афғонистонни фойдали савдо-иқтисодий ҳамкорга айлантирди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти ҳажмида буғдой уни ва дуккакли экинлар - 47%, темир йўл транспорти хизматлари 23%, электр энергияси - 30%, шунингдек, ўғит ва тайёр маҳсулотлар асосий улушни ташкил этди.
Ҳиндистон
Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга экспортида хизматлар улуши 35%, озиқ-овқат маҳсулотлари (асосан дуккакли сабзавотлар) - 23%, машина ва ускуналар (эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар) - 19% ва тўқимачилик маҳсулотлари (хом ипак, ип-калава) - 16% ва бошқалардан иборат бўлди.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондан импорти асосан фармацевтика маҳсулотлари харидининг ошиши ҳисобига ўсиб бормоқда, уларнинг импортдаги улуши 70%дан ошди, қолган қисми машина ва ускуналар – 16%, озиқ – овқат маҳсулотлари (асосан зираворлар, уруғлар) - 4% ва бошқалар ҳиссасига тўғри келади.
Покистон
Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти таркибида дуккакли сабзавотлар 62,3 млн доллар пахта иплари эса 59,2 млн долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ип-калава экпортининг ўсиши ва дуккакли сабзавотларнинг камайиши кузатилмоқда.
Ўзбекистоннинг Покистондан импортида асосий улушни 21,6 млн долларликкартошка ва 18,8 млн долларликдори-дармонлар ташкил этди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бораётгани хабар қилинган эди. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ўсди ва 5,6 миллиард долларни ташкил этди.

Мавзуга оид:

Ўзбекистон импорт ўрнини босишда Россияда асосий ўринни эгалламоқда
Ўзбекистон Россия бизнеси учун энг очиқ ва истиқболли бозор - Злигостев
Ўзбекистон ва Хитой тўқимачилик саноати бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади
Ўзбекистон савдо айланмасининг юқори ҳажми Россия билан қайд этилди
Тез орада Покистонга ўзбек қовунлари экспорти бошланади