ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Хива реставрация мактаби ташкил этилади. Буни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланди.
Қарорга кўра, мактаб ЮНЕСКО кўмагида ташкил этилди. Унга хориждан етакчи экспертларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Мактабнинг асосий вазифалари:
тегишли мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш ва бу курсларга маҳаллий ҳамда чет эллик мутахассисларни жалб этиш бўйича Марказга таклифлар киритиш;
“устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, соҳага янги усул, материал ва технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш бўйича илмий-амалий асосланган таклифлар тайёрлаш;
малака ошириш курсларининг тингловчиларида амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда улар иштирокида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни ташкил қилишда кўмаклашиш;
асрашга доир ишлар соҳасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар иштирокида илмий-амалий семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва энг яхши тажрибаларни оммалаштиришда иштирок этиш.
Маълумот учун, ўтган йили “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” давлат муассасаси ва унинг давлат муассасаси шаклида Хива, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказларига асос солинганди.