Ўзбекистон платина ишлаб чиқаришни бошлайди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати олтинга нисабатан ер юзида уч баробар камроқ учрайдиган нодир металлни ишлаб чиқаради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Олмалиқ кон-металлургия комбинати платина ишлаб чиқариш технологияси учун муаллифлик ҳуқуқини олди.
Қайд этилишича, эндиликда комбинатда олтинга нисбатан ер юзида уч баробар камроқ учрайдиган платина металли ҳам ишлаб чиқарила бошланади.
“Дунёда 5 та йирик платина ишлаб чиқарувчи давлатлар мавжуд бўлса, Ўзбекистонда ҳам ушбу нодир металлни қўлга киритиш технологияси ишлаб чиқилди. ОКМК олимлари ва мутахассислари томонидан олиб борилган узоқ йиллик илмий изланишлар ўз самарасини берди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда ОКМК 7 та маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясига оид муаллифлик ҳуқиқига эга.
Маълумот учун, платина заргарлар орасида “Рангли металлар маликаси” дея ном қозонган. Бугун дунё бозорида унинг 1 грамми 28 долларга баҳоланмоқда.
Қўрғошиндан 2 баробар зич ҳисобланган ушбу ноёб металл, ўтга чидамлилиги, электр ўтказувчанлиги, зангламаслиги туфайли космос саноати, тиббиёт, электротехника, шишасозлик саноати, самолёт ва кемасозлик, кимё ва автомобилсозлик саноатларида кенг қўлланилади.