ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Референдум жараёнларини камида 60-70 минга яқин маҳаллий кузатувчилар кузатиб боради. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилган навбатдаги мажлисда маълум қилинди.
Қайд этилишича, референдумда илк бор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар иштирок этади.
Қуйидагилар референдумда маҳаллий кузатувчи бўлиши мумкин:
сиёсий партиялар – партия аъзоси ёки тарафдори, партияга хайрихох бўлган 18 ёшга тўлган фуқаролар;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳалла раиси, унинг маслаҳатчилари ва фуқаролар йиғини бошқа мансабдор шаҳслари;
фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари –18 ёшга тўлган фуқаролар.
Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан ўн кун қолганида маълум қилиши керак. Маҳаллий кузатувчиларга мандатлар беш кун ичида берилади.
Бошқа давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар МСК томонидан топширилади. Айтилишича, низомга мувофиқ, кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш 3 та ҳолатда рад этилади.
“Агар ҳужжатлар низом талабларига жавоб бермаса, ҳужжатлар белгиланган муддатдан кеч тақдим этилса ва халқаро кузатувчи ёки уни номзодини кўрсатган халқаро ташкилотнинг фаолияти миллий қонунчиликка зид бўлса, Ўзбекистон миллий манфаатларига хавф солса улар рад этилади”, дейди МСК доимий асосда ишловчи аъзоси Гулноза Раҳимова.
Шунингдек, хорижда яшовчи хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳам референдумда иштирок этишда шароитлар яратиб берилади.
"Фуқаролар референдум кунига камида ўн беш кун қолгунига қадар хориждаги участка комиссиясига ёзма шаклда ёки ТИВнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин", дейди МСКнинг доимий асосда ишловчи аъзоси Адҳам Ибодуллаев.
Қайд этилишича, хорижий давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида муддатидан олдин овоз бериш фуқароларнинг турган жойида ўтказилади.
Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.