Толибон* делегацияси Тошкент конференциясида иштирок этади – Норов

Толибон* делегацияси Тошкент конференциясида иштирок этади – Норов.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. “Толибон”* ҳаракати делегацияси 25-26 июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов маълум қилди, Sputnik мухбири хабар берди.
“Биз бугун бу мамлакатда ҳақиқий ҳукумат бўлган “Толибон* ҳаракатидан делегация келишини кутмоқдамиз”, - деди Норов Москвадаги давра суҳбатида.
Унинг таъкидлашича, толибларнинг конференцияда иштирок этиши “биз уларни тан олишимизни англатмайди”.
“Биз бу конференцияни ҳозирги ҳукуматга етказмоқчимиз... Бу улар томонидан Тошкент йиғилишида қабул қилган халқаро мажбуриятлари ва у ерда имзоланган келишувларни бажарилишини таъминлашга қаратилган”, — деди Норов.
"Бизнинг позицияларимиз - Россия, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар – бир-бирига тўғри келади: "Толибон"* ҳаракати ўз мажбуриятларини бажариши, бу мамлакатдаги барча сиёсий, этник ва диний гуруҳларни ўз ичига олган инклюзив ҳукумат яратиши керак", - деб қўшимча қилди у.
25-26 июл кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади ва унда 20 тадан ортиқ давлат делегацияси иштирок этади.
2021 йил август ойи бошида Толибон* афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумни кучайтирди, 15 август куни улар Кобулга кириб келди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Афғонистоннинг ўша пайтдаги президенти Ашраф Ғани “қирғиннинг олдини олиш учун” мамлакатни тарк этганини айтди.
31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий иштирокига якун ясади. Сентябр ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди, унга “Толибон”*нинг биринчи ҳукмронлиги даврида ТИВ раҳбари бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд раҳбар бўлди.
* террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида